Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
7 Fevral 2018

Лицензиатларга қўшиқлар ва уларга ишланган ёки ишланаётган

 видеоклиплар тайёрлашга доир

ЭСЛАТМА

 

 

1. АСОС

 

Ушбу Эслатма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил  9 декабрдаги “Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 354-сон қарори билан тасдиқланган Низомга асосан концерт-томоша фаолиятини амалга оширишда лицензия ва лицензия битимини олган юридик ва жисмоний шахсларга тушунтириш ва тавсиялар бериш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

 

2. МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

 

Хулоса олиш учун ариза берувчи қуйидаги ҳужжатларни “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига тақдим этади:

а) хулоса бериш тўғрисидаги аризани;

в) қўшиқлар ва уларга ишланган ёки ишланаётган видеоклипларни СД дискда ҳамда клипнинг қисқача мазмуни (сценарийси)ни, қўшиқ матни, матн муаллифи, ижрочи, бастакор ҳақидаги маълумотни;

б) хулоса олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ариза берувчи томонидан Кенгашга бевосита ёки олинганлиги тасдиқланган ҳолда алоқа бўлими орқали ёки электрон шаклда тақдим этилади.

г) хулоса олиш учун ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ваколатли орган бунинг аксини исбот қилмагунига қадар барча ҳолларда ишончли деб ҳисобланади.

 

3. БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

 

Кенгаш қўшиқлар ва уларга ишланадиган видеоклиплар савиясини баҳолашда ва лицензиатларнинг қўшиқ ва унга ишланган клипларини кўриб чиқишда:

қўшиқ матни, мусиқаси, видеоклип дастури (сценарийси)нинг ғоявий-бадиий даражасига;

тақдим этилган репертуарнинг миллий анъаналарга ва умуминсоний қадриятларга мувофиқлигига;

қўшиқлар ва уларга ишланган ва ишланадиган видеоклиплар (сценарийси)да Ватанга садоқат, севги, муҳаббат ва инсонийлик сингари эзгу ғоялар акс этганлигига эътибор қаратади.

Лицензиатнинг одоб-ахлоқ қоидаларига, саҳна маданияти ва ташқи кўриниш маданиятига зид бўлган хатти-ҳаракатлар қилиши ҳамда маънавиятга салбий таъсир кўрсатувчи, томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи, ахлоқсизлик ғояларини тарғиб этувчи асарлари маъқулланмайди.

 Кенгаш бадиий жиҳатдан етук, умуминсоний ва миллий қадриятларга мувофиқ, халқимизнинг менталитетига мос бўлган қўшиқлар ва улар асосида яратилган видеоклипларнинг оммалашишига кўмаклашади.

 

4. НОЖОИЗ ҲАРАКАТЛАР

 

Клипда умуминсоний ва миллий маданиятга зид бўлган, ножоиз ҳатти-ҳаракатлар, турли ғоявий таҳдидлар акс этмаслиги лозим. Жумладан:

 

                     гиёҳвандлик, спиртли ичимликлар тарғиботи;

                     қонли, террористик ҳатти-харакатларни тарғиб қилувчи, уруш ва қўпорувчиликка майл уйғотувчи тасвирлар;

                     динлар ва миллатлар аро нифоқ, зиддият уйғотувчи унсурлар;

                     давлат рамзлари (герб, байроқ, Президент) тасвиридан ножоиз, ноўрин фойдаланиш;

                     турли фирма, компаниялар ҳамда уларнинг маҳсулотларини ошкора ва яширин реклама қилиш;

                     ётоқхона ва бошқа хосхоналарда хонандаларнинг ёнбошлаб, ўзбекона одоб қоидаларига зид ҳолатда қўшиқ куйлаши;

                     оммавий маданиятга хос тарзда очиқ-сочиқ, йиртиқ-ямоқ, ярим-яланғоч кийиниш ҳолатлари;

                     шаҳвоний ҳирс ва беҳаёликни, енгил-елпи ҳаётни тарғиб қилувчи оҳанг ва тасвирлар;

                     тана аъзоларига туширилган турли татуировка ва "нақш"ларни кўрсатиш;

                     эркак хонандаларнинг аёллар каби кийиниши, безаниши, айтайлик, ҳар хил зираклар тақиши ва шунга ўхшаш номуносиб ҳолатлар;

                     қўшиқ матни ва мазмунига ҳеч қандай алоқасиз равишда, фақат қимматбаҳо машиналару қасрдай уйларни, ярашиқсиз зебу зийнатларни кўрсатиб кўз-кўз қилиш; 

                     муқаддас қадамжолар, табаррук ёдгорликлар, қутлуғ меросимизга нисбатан ҳурматсизлик қилинган ҳолатлар;

                     ўзбекона урф-одатларимизга ёт, ўринсиз ва беўхшов ҳаракатлар.

 

Изоҳ:  Қўшиқ матнидан келиб чиққан ҳолда фойдаланилган, эзгу ғоялар тарғиботига хизмат қилувчи салбий образ ва ҳолатлар, агар мақсад амалга ошган бўлса, Кенгаш томонидан рад этилмайди.  

 

5. ХОТИМА

 

Кенгаш томонидан кўрсатилган камчилик ва нуқсонлар бартараф этилгач, клип қайта кўрикка тақдим қилиниши мумкин. Ижодий кўмаклашувчи бадиий кенгаш хулосалари ижрочилар, давлат ва нодавлат телеканаллари, ташкилот ва идоралар учун тавсиявий характерга эга. Кўпчилик овоз билан маъқулланган клиплар эфир ва бошқа намойишларга тавсия этилади. 

Manba: Матбуот хизмати
Ko'rishlar: 2075
icon-instagram.png icon-facebook.png
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech