Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
27 May 2016

Буюк ипак йўлидаги Бухоро шаҳри тилга олинганида, табиийки, унинг қадимий ўтмиши ва бой маданий меросидан гувоҳлик берувчи тарихий обидалари, урф-одат ва анъаналари кўз олдимизда намоён бўлади.

Бухорода ўтаётган ХV анъанавий ипак ва зираворлар халқаро фестивалида бу жиҳатлар янада яққол намоён бўлди. Қадимий Арк қалъасидан Лаби ҳовуз соҳилларигача байрамона безатилган. Карнай-сурнай садолари, миллий либослардаги ёшлар, фольклор ансамблларининг чиқишлари, Ватан, тинчлик, мустақиллик ва дўстликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, рақс ва лапарлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Вилоят ҳокимлиги, “Ўзбектуризм” миллий компанияси Бухоро вилояти минтақавий бўлими, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган Ипак ва зираворлар фестивали миллий ҳунармандликни ривожлантириш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда туризмни янада равнақ топтириш, Бухорони жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Лаби ҳовуз мажмуасида ўтказилган фестивалнинг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида туризмни ривожлантириш, юртимизга келаётган чет эллик сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самара бераётгани алоҳида таъкидланди.

Фестивалда жаҳоннинг кўплаб давлатларидан халқ амалий санъати ихлосмандлари, соҳа мутахассислари, сайёҳлик ташкилотлари вакиллари, ҳунармандлар иштирок этгани юртимизга, халқимизнинг моддий ва маънавий меросига қизиқиш йил сайин ошиб бораётганидан далолатдир.

Manba: O'zA
Ko'rishlar: 597
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech