Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
29 Iyul 2019
           Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров билан суҳбат. 
     
        – Суҳбатимизни “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси кўпинча “нишон” бўладиган мавзудан бошласак. Гап шундаки, хонанда яхши қўшиқ куйласа мақталади, эътироф этилади. Аммо биргина ножўя хатти-ҳаракати дарҳол танқидга учрайди. Шунда “Ўзбекконцерт” қаёққа қараяпти“ қабилида иддаолар ҳам қилинади. Бунга муносабатингиз қандай?
     – Ўринли савол. Шу ўринда сўнгги пайтларда кўп учраётган яна бир муносабатни ҳам айтиб ўтмасак бўлмайди, яъни санъаткорларнинг ножўя хатти-ҳаракатига билдирилаётган фикрлар асосида қайсидир хонандаларга ваколат доирамизда таъсирчан чораларни қўллаганимизда ҳам “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг шунга ваколати борми, деган саволлар бўлаяпти. Демак, ҳар икки муносабатга жавоб бериш зарур. Давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар қатори миллий менталитетимиз, ўзимизга хос бўлган қадриятларимиз ва урф-одатларимизни юзага чиқариш, маданият ва санъатни ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу жараён барча соҳалар қатори маданий-маърифий, маънавий соҳаларда амалга оширилаётган бир қатор ижобий ўзгаришларда ҳам намоён бўлмоқда. Шу билан бирга бу ислоҳотлар ижод аҳли зиммасига янада катта масъулият юклаб, янги талабларни қўймоқда. “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси мана шу ислоҳотлар доирасида нимаики вазифаларга масъул бўлаётган бўлса, уларни тезкорлик билан, сифатли амалга ошириш учун ҳаракат қилмоқда. Эътиборлиси, фаолиятимиздаги ҳар бир саъй-ҳаракат бугун оммавий ахборот воситалари вакилларининг диққат марказида. Бундан ташқари бугун кенг жамоатчиликнинг ҳам роли кучайиб бораётганини ўзингиз яхши биласиз. Чунки саҳна маданиятига зид равишда кийинган ё кимгадир нописандлик қилган ёхуд яна қандайдир ножўя хатти-ҳаракатларга сабаб бўлган санъаткорнинг ўша заҳотиёқ журналистлар ва кенг омма томонидан танқид қилишини ва ҳатто мутасадди ташкилотларга тезкорлик билан мурожаатлар бўлиши ҳам масъулиятимизни янада оширишга хизмат қилмоқда. Шунинг учун ҳам санъаткорнинг одоби, муомала маданияти, саҳнадаги ҳаракатлари ва либосларигача унга масъул бўлган ташкилотларнинг, шу жумладан, муассасамизнинг ҳам доимий эътиборида. Биз бу борада санъаткорлар билан мунтазам равишда учрашиб, уларнинг фаолиятига оид пайдо бўлаётган турли вазиятларга жавоб топиб, уларни бартараф этиш юзасидан тизимли иш олиб бораяпмиз. Энди бунга ваколатимиз хусусида гапирадиган бўлса, бу биринчи навбатда, санъаткор билан муассаса ўртасида тузиладиган лицензия битимида аниқ-тиниқ кўрсатиб қўйилган. Ҳар бир хонанда лицензия олишида, энг аввало, ана шу битимни ўқиб чиқиб, танишиб, рози бўлсагина, кейин имзо қўйиб расмийлаштирилади. Шунинг учун бу масалаларда тушунмовчилик бўлиши керак эмас. Негаки, халқимиз менталитети, маданияти, қадриятлари ва замонавий тилда айтганда мамлакат имижи ҳаммамиз учун муҳим ва унга зиён етказишга ҳаққимиз йўқ. 
        – Яқинда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси рэперлар ва шу каби йўналишларда ижод қилувчиларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Аслида кийим ёки менталитетга аҳамият қаратмайдиган шу йўналиш вакиллари эмасми? 
      – Тўғри, айнан шунинг учун ҳам биз улар билан мулоқотга киришиш, қўллаб-қувватлаш ва ушбу йўналишни ривожлантиришга эътибор қаратаяпмиз. Тан олишимиз керак, тақиқ қўйганимиз сари бу йўналишга қизиқиш кучайган бўлса, кучайди, аммо йўқолмади. Шунинг учун энг аввало мазкур йўналишга қизиқувчилар билан мулоқотга киришган ҳолда уларнинг қизиқишини, қобилиятини юзага чиқаришга ёрдам беришимиз лозим. Негаки, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси нафақат қўшиқчилик санъатига номуносиб жиҳатларга эътибор қаратади, балки қўшиқчиликнинг турли йўналишларини ривожлантириш ва ёш истеъдодларни юзага чиқаришга ҳам масъул. Аслида рэперларга вақтида эътибор қаратмаганимиз сабабли улар ўз билганича ҳаракат қилиб, турли ҳақоратомуз матнлардан ёки дарғазаб сўзлардан рэп айтиб, ғарбона либосларга тақлид қилиб халқимизнинг салбий муносабатига сабаб бўлишди. Аммо рэп ҳам дунёда тан олинган мусиқий жанр ва уни тарбиявий аҳамият билан кўрсатиб берса бўлади. Шунинг учун биз бугун улар билан мулоқотга киришдик. Ниятимиз, рэп йўналишидаги истеъдодларни миллий қадриятларимиз уйғунлигидаги ижод билан халқимизга кўрсатиш ва бу билан уларга нисбатан шаклланган салбий фикрларни ўзгартириш. Аслида санъатда фақат имиж, чиройли қиёфа, кўриниш ёки маънавиятимизга номуносиб кийимлар билан мухлис орттириб бўлмайди. Хонанданинг мазмунли, маъноли қўшиқларигина уни халққа севимли қилади. Шу сабаб эътиборни фақатгина шоу-бизнес талабларига қаратавермасдан, астойдил ижод қилиш керак. 
 Озода БЕКМУРОДОВА, ЎзА
Manba: uza.uz
Ko'rishlar: 48
icon-instagram.png icon-facebook.png
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech