Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
16 Yanvar 2019

      Ўзбек мусиқа санъати ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори, таниқли бастакор Анор (Анорқул) Назаров бугун 2019 йилнинг 16 январида оғир хасталикдан сўнг дунёдан кўз юмди.  Серқирра ижодкор Назаров Анорқул Мамадович 1950 йил 5 июнда Тошкент вилоятининг Бўка туманида таваллуд топган. У ўзининг ҳаётини, умрини мусиқа санъатига бағишлаган истеъдод соҳиби эди. 1968 йилда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясини тамомлаб,  1968-1985 йилларда А.Навоий номидаги ДАКТ оркестри солисти, 1985-1987 йилларда Тошкент шаҳар мусиқа ансамбллари жамоасининг  бош дирижёри, 1986-1996 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 1996-2000 йилларда “Ўзбекнаво” гастроль-концерт бирлашмаси бош директори, 2000-2002 йилларда эса бадиий раҳбари лавозимларида  фаолият юритган. 

         Бастакорнинг фаолияти асосан эстрада мусиқа санъати  билан бевосита боғлиқ бўлиб, ўзига хос мустақил услубий ижоди билан ажралиб туради. “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” (А.Орипов шеъри), “Ватан азиздир”, “Жон Ўзбекистон” (Ж.Жабборов шеърлари), “Ифтихор” (Х.Шарипов), “Яшнар баҳорим”, “Она юрт” (Б.Бобомурод), “Баркамол авлод”, “Ўзбекистон муштарак” (Й.Оташ), “Гўзал Тошкент”, “Юрт қадри” (Б.Исроилова), “Азиз одамлар” (М.Иброҳимов), “Изҳор” (А.Орипов) каби 120 дан ортиқ қўшиқлари ўзининг жозибадорлиги, она Ватанга бўлган муҳаббат, уни эъзозлаш, асраб авайлаш ва инсонпарварлик руҳи билан суғорилганлиги билан эътиборлидир. У яратган асарлар Ватанимизнинг Мустақиллик, Наврўз каби миллий ва давлат тадбир дастурларида  тараннум этиб келинмоқда. Ижодкорнинг бизга қолдирган  бой маданий мероси, яратган дилбар тароналари, қўшиқлари халқимиз тилида ва дилидан чуқур жой олиб, ундан келгуси авлодлар  ҳам баҳраманд бўладилар.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси  бастакорнинг оила аъзоларига,  яқинларига ва шогирдларига  чуқур таъзия изҳор этади.

Ko'rishlar: 324
icon-instagram.png icon-facebook.png
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech