Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
12 Iyul 2019
Марғилон шаҳрида қайноқ меҳрга йўғрилган, дилбар наволар, мумтоз қўшиқлар, жозибадор рақслар анжумани – “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, маданият вазири Б.Сайфуллаев, хорижий давлатлардан келган меҳмонлар, санъаткорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Очилиш маросими карнай садолари билан бошланди. 


photo_2019-07-11_22-54-50.jpg


Маросимни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб, фестивалга ташриф буюрган барча фольклор жамоаларига муваффақият тилади. Шундан сўнг тадбирнинг мусиқий қисми бошланди. Бухоро, Фарғона, Сурхондарё ва Андижон вилоятидан келган фольклор жамоаларининг жонли ижродаги чиқишлари ҳаммани ўзига жалб этди, томошабинларнинг кайфиятини кўтарди. Хоразм фольклори вакиллари эса шўх қўшиғи билан нафақат барчани лол қолдирди, балки ҳаммани рақсга ҳам чорлади. Чиндан-да, фестивалга келганлар бири тик турган ҳолда, бири ўтирган жойида ўйнаб, мусиқадан, қўшиқлардан чинакам завқ олди. Фольклор жамоаларидан кейин фарғоналик ижодкор — хонандаларга навбат берилди. Шўхчан куй-қўшиқлар дилрабо рақсларга уланиб кетди. Фарғоналик хонанда халқимиз қалбидан жой олган “Ўртар” қўшиғини куйлай бошлаганида, саҳнага ўрнатилган катта экранда машҳур “Ўткан кунлар” фильмидан парчалар намойиш этилди. Жонли ижродаги қўшиқнинг юракларни сел қилувчи оҳангларини Отабек ва Кумуш акс этган экран тасвирлари янада тўлдирган ва Қодирий қаламига мансуб энг гўзал муҳаббат қиссаси барчанинг ёдига тушган бўлса, не ажаб... Хонанданинг берилиб хониш қилиши хоразмча қўшиқдан кейин завқи тошган томошабинлар қалбига ажиб сокинлик ҳадя этди. 


photo_2019-07-11_22-54-47.jpg


Маросим якунида Марғилон осмони узра чарақлаган мушаклар жилоси яна барчани “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор санъати фествалига чорлади. Бугундан фестивалнинг асосий мусобақалари ва илмий-амалий анжуман иш бошлайди. Очилиш маросимида Ўзбекистон халқ артистлари Абдуҳошим Исмоилов, Абдулаҳад Абдурашидов, Зулайҳо Бойхонова, Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Тўлқин Жабборов, Яҳёбек Мўминов, ёш хонандалар Қиличбек Мадалиев, Афрўза, Умид Исроилов ва бошқалар иштирок этишиб, ўзларининг дилрабо қўшиқлари билан фестивал иштирокчиларига хурсандчилик улашишди.
Manba: madaniyat.uz
Ko'rishlar: 41
icon-instagram.png icon-facebook.png
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech