Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
20 Aprel 2018
Ёш авлод қалбида ҳалқимизнинг юксак маънавий фазилатларини, қадриятларини камол топтириш, ўзбек миллий рақс санъатини янада ривожлантириш ва мустахкамлаш, Республика рақс жамоаларига амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг репертуар фаолиятини шакллантириш ва бойитиш, ёш истеъдодли раққос-раққосаларни, балетмейстер ва бастакорларни кашф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби билан ҳамкорликда жорий йилнинг 21-23 май кунлари Тошкент шаҳрида Мукаррама Турғунбоева номидаги "Тановар" - Миллий рақс ижрочилари Республика кўрик-танловини ўтказишни режалаштирган. Танловнинг асосий мақсад ва вазифаларидан бири – бу миллий рақс санъатининг Фарғона-Тошкент йўналишларини кенгайтириш ва такомиллаштириш, ўзбек рақс санъатини анъаналаримизга зид бўлган оммавий маданият оқимларидан асраш, рақс санъатининг маънавий хазинасини янада бойитиш, миллий рақс санъатининг ижодий имкониятларини юртимизда ва жаҳон саҳналарида кенг тарғиб қилишдан иборат. Ушбу танловда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан 150 дан ортиқ рақс жамоалари ва яккахон раққос-раққосалар иштирок этадилар. Тошкент шаҳридан эса 100 дан ортиқ ёш ижодкорлар ўз маҳоратларини намойиш этишга тайёргарлик кўрмоқдалар. Рақс жамоалари, ёш раққос-раққосалар ҳамда истеъдодли балетмейстерлар мазкур танловда миллий рақс санъати анъаналари, устоз раққос ва раққосаларнинг ижодий ютуқлари, уларнинг яратган саҳна асарларига асосланган ва таянган холда эзгулик, юртпарварлик, халқ ҳаётининг ёрқин ифодасини тараннум этувчи, юксак бадият ва ҳаққонийлик, эзгу-мақсадларга хизмат қилувчи етук ва мукаммал рақс асарлари билан иштирок этадилар. Мазкур танлов бетакрор истеъдод соҳибаси, ўзбек миллий рақс санъатининг тамал тошинини қўйган, унинг ривожига беқиёс ҳисса қўшган Мукаррама Турғунбоеванинг унитилмас номига бағишланади. Юртбошимизнинг миллий маданият ва рақс санъати ривожига кўрсатаётган эътиборлари ёш ва истеъдодли раққос-раққосалар, балетмейстерларимизни янги-янги рақс асарларини яратишларида, маҳорат қирраларини кўпроқ кашф этишларида, қолаверса, миллий рақс санъатини жаҳон саҳналарида кенг намойиш этишларига замин яратади. Ўйлаймизки М.Турғунбоева номидаги “Тановар” миллий рақс ижрочилари Республика кўрик-танлови Республикамизда ижод қилаётган барча истеъдод эгалари учун чин маънода ишонч турткиси, маҳорат ва истеъдод синовига айланади ҳамда ёшларнинг ўзига бўлган ишончини оширади.
Manba: Матбуот хизмати
Ko'rishlar: 43
icon-instagram.png icon-facebook.png
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech