Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
7 Iyul 2019
Барчага маълумки, жорий йилнинг 6 июль куни юртимизда “Олимпия куни” катта шодиёналар билан нишонланди. Маълумотларга қараганда, бу йил мазкур тадбир биринчи марта бутун республикамиз миқёсида “Умуммиллий халқ сайли” сифатида ўтказилган. Ушбу спорт байрамининг тантаналарида эса ажойиб концерт дастурлари “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамкорлигида амалга оширилди. Қуйида ана шу жараёнларга яна бир назар соламиз.  

photo_2019-07-06_21-11-57.jpg


photo_2019-07-06_21-12-10.jpg

Тошкент 

2019 йил 5 июль куни Тошкент шаҳридаги “Эко боғ”, “Сеул-эко” боғи, “Сой бўйи” сайилгоҳи, Амир Темур ва бошқа марказий кўчалар бўйлаб енгил атлетика, дзюдо, таэквондо, мини-футбол, стол тенниси, армрестлинг, от спорти, велоспорт турлари бўйича турли мусобақа ҳамда флэшмоблар ташкил қилинди. Энг асосий байрам дастури эса 6 июль куни соат 19:00 да пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” муз саройида ўтказилди. Унда таниқли спортчилар ва эстрада юлдузлари иштирокидаги бадиийлаштирилган саҳна кўринишлари ҳамда катта гала-концерт тақдим этилди. Ушбу концерт дастурида Ўзбекистон халқ артистлари Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Тоҳир Содиқов, Рашид Ҳолиқов, Улуғбек Раҳматуллаев, хонандалар Муниса Ризаева, Манзура, Шоҳрух реппер, Умидахон, Шаҳриёр ва Ёрқинхўжа Умаров каби санъат вакиллари қатнашишиб, иштирокчиларга байрамона кайфият улашишди. 

хоразм2.jpg

хоразм.jpg
 
Хоразм

“Олимпия куни” муносабати билан Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳам мазкур санага бағишлаб спорт ва маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. Шу куни вилоятнинг барча ҳудудларида ташкилот ва корхона ишчилари, ёшлар ва кўнгиллилар иштирокида пиёда юриш марафони ўтказилди. Шунингдек, Урганч шаҳрида жойлашган “Ёшлик” спорт мажмуаси ўйингоҳида “Олимпия куни” спорт тадбирининг якунига бағишланган тақдирлаш маросими, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ҳамда гала-концерт намойиш этилди. “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Хоразм вилояти бўлими томонидан махсус сценарий асосида ташкил этилган ушбу гала-концертда Ўзбекистон халқ артисти Гулора Раҳимова, хонандалар Сарварбек Йўлдошев, Оташин Қиличев, Санъат Юсупов, Наврўз Собиров, Ортиқбой Рўзибоев, Дилшод Ҳайитбоев, Дилафруз Бекметовалар томонидан она ватанни, ёшликни, спортни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди. 

Сурхон2.jpg


Сурхон4.jpg

Сурхондарё 
“Олимпия куни” Сурхондарё вилоятида ҳам кўтаринки руҳда нишонланди. Жорий йилнинг 6 июль санасида Сурхондарё вилояти марказида жойлашган муҳташам Санъат саройининг ёзги амфитеатр қисмида байрамона концерт дастури ўтказилди. Бунда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Сурхондарё вилояти бўлими, шаҳар маданият маркази ижодий жамоаси, вилоят филармонияси вакиллари ва воҳа спортчиларининг чиқишлари ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова томонидан куйланган шўх қўшиқлар байрам қатнашчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.  

Қашқадарё6.jpg

қашқадарё.jpg

Қашқадарё 
2019 йил 6 июль куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасида ҳам “Олимпия куни” куни муносабати билан катта гала концерт ташкил этилди. Унда таниқли эстрада хонандаси Алижон Исоқов, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Қашқадарё вилояти бўлими санъаткорлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Ҳалилова, “Шуҳрат” медали соҳиби Умриузоқ Қувватов, эстрада хонандалари Илҳом Сиддиқов, Нодир Маматқулов, Лазиз Турдихўжаев, Аббос Алиев, Фаррух Нигматов, Азамат Қаюмов, Илёс Қурбонов, Лазиз Турдихўжаев, Зарофат Исроилова ҳамда Тоҳир ва Зуҳра дуэти иштирок этишди. 

Андижон.jpg


Андижон1.jpg
Андижон 
Андижон шаҳридаги “Олимпия куни” тадбирлари “Токио сари йўл” шиори остида оммавий пиёда ҳаракатланиш билан бошланди. Унда корхона, ташкилот, муассаса вакиллари ҳамда спортсевар ёшлардан иборат кўп минг кишилик андижонликлар иштирок этишди. Оммавий юришда таниқли спортчилар, турли халқаро мусобақалар ғолиблари, Олимпиада ўйинлари қатнашчилари билан бир қаторда “Ўзбекконцерт” ДМ Андижон вилоят бўлими эстрада хонандалари, соғлом ҳаёт тарзи тарафдорлари старт чизиғида ҳозир бўлдилар. Тадбирлар якунида эса “Ўзбекконцерт” ДМ Андижон вилояти бўлими эстрада хонандалари томонидан тақдим этилган концерт дастурлари барчага хуш кайфият улашди. 

Бухоро7.jpg


Бухоро4.jpg

Шунингдек, “Олимпия куни” тадбирлари бошқа вилоятларда ҳам кўтаринки кайфият билан нишонланди. Жумладан, Бухородаги “Кўҳна ва боқий Бухоро” амфитеатрида ўтган “Olympiс Day” гала-концертида “Виа Мароқанд”, “Диёр” гуруҳлари, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Маржона Қобилова ҳамда вилоятдаги эстрада хонандалари қатнашишиб, тадбир иштирокчиларини хурсанд қилишди. Наманган вилоятида ҳам “Олимпия куни” тадбирлари якунда байрамона концерт дастурига уланиб кетди. Унда спортчилар, турли соҳаларда фаоллик кўрсатаётган ёшлар ва бошқалар иштирок этишди.  

Наманган2.jpg


Наманган3.jpg

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, спорт ва санъат руҳи билан уйғунлашган мазкур байрам иштирокчиларга бир олам таассуротлар тақдим қилиши баробарида соғлом турмуш тарзига амал қилиш нақадар фойдали эканлигини яна бир бора тарғиб қилди. Зеро, айтишганидек, “Спорт бу — ҳаракат, ҳаракат эса ҳаёт демакдир!”
Manba: ko'rsatilmagan
Ko'rishlar: 41
icon-instagram.png icon-facebook.png
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech