Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
4 Sentyabr 2019
      Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ, маданият ва санъат соҳаси, хусусан, халқимизнинг маънавий бойлигига айланган рақс санъатини янада ривожлантириш, ўзига хос хусусиятлари, жаҳон маданиятида тутган ўрнини илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш ва таҳлил этиш ҳамда унинг янгидан-янги миллий намуналарини яратиш, рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 30 август куни Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг реконструкция қилинган янги биносини бориб кўрди. Ушбу муассаса узоқ йиллар эски бинода фаолият юритиб келган. 
      Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрамига ўзига хос туҳфа бўлган олий билим юртидаги катта балет зали, 2 маърузалар, 16 хореография ва балет зали, 7 мусиқа, 8 аудитория, 2 компьютер технологияси хонаси, ахборот-ресурс маркази ҳамда кутубхонада талабаларнинг таълим олишлари учун барча шароит яратилган. Бундан ташқари, бу ерда 300 ўринли ётоқхона, 100 ўринли ошхона ҳам фаолият кўрсатмоқда. Президентимиз бу ердаги шароит, муҳит ва ютуқларни мамлакатимизнинг бошқа жойларида ҳам татбиқ этиш, ҳудудий мактаблар ташкил этиб, уларни Олий мактабга бириктириш, устоз-шогирд анъанасини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. 
       Ушбу вазифалардан келиб чиқиб бугун, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов билан бирга очиқ суҳбат бўлиб ўтди. Унда, ўзбек рақс санъатининг тарихий анъаналари ва усулларини тиклаш, авайлаб-асраш ҳамда бойитиш, миллатимизнинг ўзига хос шарқона фазилатлари, бой маънавиятига монанд рақсларни тарғиб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, рақс йўналишлари бўйича узоқ муддатли, мақсадли дастурлар тайёрлаш, малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни бартараф этиш ҳамда олий маълумотли рақобатбардош кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш масалалари муҳокама қилинди. 
      Шу билан бир қаторда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби фаолиятида ўқув-педагогик ва илмий-ижодий ишларни ташкил қилиш ҳамда уларни амалга оширишда комплекс чора-тадбирлар белгиланди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун ушбу Олий мактаб таркибида ихтисослашган мактаб-интернат, хореография коллежи фаолият кўрсатади. Олий мактаб битирувчиларига бакалавр ва магистр даражасидаги мутахассислик дипломлари берилади. 

image_2019-09-04_17-01-01.png

        Шунингдек, мазкур Олий мактабда хореография жамоалари раҳбари, хореограф-педагог, хореограф-санъатшунос йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади. Бугунги кунда мазкур билим масканини битирган мутахассислар мамлакатимиздаги ижодий бирлашмалар, концерт ташкилотлари, театр жамоалари, профессионал ансамбллар, болалар мусиқа ва санъат мактабларида самарали меҳнат қилишмоқда. 
    Олий мактаб билан хорижий мамлакатлар ўртасидаги маърифий-ижодий алоқалар тобора кенгайиб, айни пайтда АҚШ, Германия, Франция, Италия, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг хореография марказлари билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида билим олаётган ёшлар мамлакат ва бир қатор хорижий давлатларда ўтказилаётган халқаро танловлар, фестивалларда муваффақият қозонмоқда.
Manba: madaniyat.uz
Ko'rishlar: 42
icon-instagram.png icon-facebook.png
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech