Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
27 May 2017
Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий ўтказиб келинаётган фестиваль миллий ҳунармандликни ривожлантириш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, туризмни янада равнақ топтириш, Бухорони жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилмоқда.

Фестиваль кўҳна Арк қалъаси олдида қадим даврларни эслатувчи театрлаштирилган томошалар билан бошланди. Карнай-сурнай садолари янграб, ўтмиш лавҳалари, эртак қаҳрамонлари акс эттирилган байрамона тантанали юриш фестиваль тадбирлари маркази бўлган Лаби ҳовуз мажмуаси томон йўл олди.

Лаби ҳовузда ўтказилган фестивалнинг очилиш маросимида Бухоро шаҳар ҳокими И.Фармонов, АҚШнинг "Санта-Фе – Бухоро” биродарлашган шаҳарлар қўмитаси раиси Кэрол Робертсон Лопес, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, сайёҳлар, ёшлар иштирок этди. Президентимиз раҳнамолигида туризм ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, юртимизга келаётган чет эллик сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Фестивалда жаҳоннинг кўплаб давлатларидан халқ амалий санъати ихлосмандлари, мутахассислар, сайёҳлик ташкилотлари вакиллари, ҳунармандлар иштирок этгани хорижда юртимизга, халқимизнинг моддий ва маънавий меросига қизиқиш йил сайин ортиб бораётганидан далолатдир.

Тадбир доирасидаги кўргазма-савдо расталарида Бухоро мис-кандакорлик асарлари, кулолчилик ва заргарлик буюмлари, зардўзлик либослари, деворий кашталар, водийнинг атласу адраслари, дўппилари, чинни идишлари, Сурхоннинг жун ва ипакдан ишланган маҳсулотлари, тошкентлик усталарнинг ёғоч ўймакорлик ашёлари, Жиззахнинг бисер-мунчоқли санъат асарлари, умуман, юртимиз ва хорижлик ҳунармандларнинг ипак маҳсулотлари, зираворлар, гиёҳлардан тайёрланган шифобахш дармондорилар намойиш этилди. Бухоро рассомлик ва миниатюра, заргарлик, зардўзлик, мис-кандакорлик, темирчилик, гиламчилик ва Ғиждувон кулолчилик мактаблари усталарининг маҳорат дарслари ташкил этилди.

Фестиваль доирасида ўтказилган “Бухоро туристик эркин иқтисодий ҳудудини яратиш имкониятлари ва уни ривожлантириш истиқболлари” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференцияда вилоятда туризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Manba: UzA
Ko'rishlar: 368
icon-instagram.png icon-facebook.png
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech