Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
23 Iyun 2017

“Марди майдон” – жонли ижродаги қўшиқлар фестивали кўп сонли қўшиқсевар мухлислар, айниқса истеъдодли ёшлар ва кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олиниб, ўз обрў-эътибори ва юксак нуфузи билан қўшиқчилик санъатининг тараққиётида муҳим аҳамият касб этганлиги кўпчиликка маълум.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан жорий йилнинг 22 июнь куни “Марди майдон” – қўшиқлар фестивали Низоми тасдиқланди.

Ушбу Низомда Фестивалнинг мақсад ва вазифалари, уни ўтказиш тартиби ва шартлари, лауреатларни аниқлаш мезонлари,  Фестивални молиялаштириш ва лауреатларни тақдирлаш белгиланган.


“Марди майдон” – қўшиқлар фестивалининг

НИЗОМИ

Табиий ва такрорланмас қобилият истеъдод дейилади. Истеъдод эса туғма неъмат бўлиб, камёб инсонларгина истеъдод соҳиблари бўлади.

Уларни асраб-авайлаш ва қадрлаш зарур. Бундай кишилар келгусида миллатнинг, халқнинг маънавий-интелектуал мулкига айланади.

Азал-азалдан халқимизнинг истеъдодли фарзандлари ўзларининг ноёб қобилияти, иқтидори ва  куч-қудратини ҳамманинг кўз ўнгида намойиш этишган. Полвонларимиз гиламда, дорбозлар баланд дор устида, хонанда ва ҳофизлар эса саҳналарда баралла куч синашиб келган. Донишманд халқимизниннг “Мард майдонда синалади” деган улуғ ҳикматли нақли бор.

“Марди майдон” – жонли ижродаги Республика қўшиқлар фестивалини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад истеъдодли ёшларни излаб топиш, янги умидли  овозларни кашф этиш, уларни мардлар майдонига – саҳнага чорлаш, ўз истеъдодларини намойиш этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва кенг жамоатчиликка таништиришдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси 2017 йил июль ойидан бошлаб (икки ойда бир марта) “Марди майдон” Республика қўшиқлар фестивалини таъсис этади ва ўтказади.

 

I. Фестивалнинг мақсад ва вазифалари

Миллий оҳангларга ва миллий ифтихор туйғуларига йўғрилган, Ватан, она табиат, гўзаллик, нафосат, инсонийлик, бағрикенглик, бунёдкорлик, севги, меҳр ва муҳаббат каби мавзуларда янги қўшиқлар яратиш, эстрада қўшиғи, катта ашула, мумтоз (анъанавий), академик (опера) хонандалиги ва бахшичилик йўналишида ижод қилаётган  ёш истеъдодларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ёш ижодкорларнинг малакасини ошириш, катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этиш учун кенг йўл очиб бериш, донишманд халқимизнинг “Мард майдонда синалади” деган улуғ ҳикматини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш фестивалнинг асосий мақсади ва устувор вазифасидир.

II. Фестивални ўтказиш тартиби ва шартлари

 

Фестивал икки босқичда ташкил этилади. Биринчи босқич “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимлари томонидан туман ва шаҳарларда эстрада қўшиғи, катта ашула, мумтоз (анъанавий), академик (опера) хонандалиги ва бахшичилик йўналишларида фаолият юритаётган ижодкорлар ўртасида ўтказилади.

Ҳудудий бўлимлар бешта йўналиш бўйича биринчи ўринларга сазовор бўлган иштирокчиларни Республика (иккинчи) босқичига тавсия этади.

Фестивалнинг иккинчи босқичини ўтказиш муддатлари Республика Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан белгиланади.

     Фестивалда Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган профессионал ва ҳаваскор санъаткорлар иштирок этишлари мумкин.

 Фестивалнинг асосий шарти – қўшиқлар фақат жонли ижро этилади.

 Фестивал “катта ашула”, мумтоз (анъанавий), эстрада қўшиқлари,  академик (опера) хонандалиги ва бахшичилик йўналишлари бўйича ўтказилади.  Фестивал иштирокчиси ушбу Низом талабига кўра қайд этилган йўналишлар асосида ўзи танлаган жанрда иккита асар ижро этади.

 Фестивалда иштирок этишни истаган истеъдод соҳиблари “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари керак:

-               Фестивал Ташкилий қўмитасига ариза (1-илова);

-               иштирокчи ҳақида маълумотнома (2-илова) ва икки дона фото сурат;

-               Фестивалда ижро этиладиган 2 та асарнинг матни, асар муаллифларининг исми-шарифи, асарларнинг номи ва CDда ёзилган аудио варианти;

-               паспорт нусхаси (яшаш манзили билан);

-               маълумоти  ва мутахассислиги (дипломи нусхаси).

 

Тавсия этилган қўшиқларнинг янгилиги, оригиналлиги, матнининг таъсирчан ва бадиий образларга бойлиги, ижодкорнинг овози, саҳна ҳаракати, нутқ маданияти ва ижро услуби фестивалда қатнашиш ҳуқуқини таъминлашда асосий мезон ҳисобланади.

Тақдим этиладиган асарлар миллий анъаналаримиз ҳамда умумбашарий қадриятларга зид бўлмаслиги лозим.

 

III. Ташкилий қўмитанинг вазифалари

Ташкилий қўмита Фестивалда иштирок этишни истаган ёш ижрочиларни ҳар икки ҳафтада ташкил этиладиган махсус кастинглар асосида, мазкур Низомнинг II бўлимида назарда тутилган тартибда саралаб олади, бу ҳақда қарор чиқаради ва баённома билан расмийлаштиради.

Мазкур Низом талаблари Фестивал иштирокчиси томонидан бузилган тақдирда иштирокчи Фестивалдан четлатилади.

Ташкилий қўмита Фестивал доирасида ўтказиладиган барча концертларнинг сценарийсини, дастурини тайёрлайди ва тасдиқлайди.

Фестивал лауреатларини тақдирлаш маросимини ташкил этади.

Фестивал лауреатига айланган ва ўз истеъдодини намойиш эта олган ёш иқтидорли хонандаларга ташкилотчилар томонидан ўз ваколатлари доирасида амалий ёрдам кўрсатилади.

 

IV. Экспертлар  комиссиясининг ваколатлари

 

Соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат Экспертлар  комиссияси ташкил этилади.

Эксперт комиссияси  фестивал лауреатларини аниқлашда бевосита иштирок этади.

Эксперт комиссияси фестивал доирасида ўтказиладиган концертларда чиқаётган ёш ижрочиларга саҳна маданияти, қўшиқ куйлаш, ижрочилик маҳоратини ошириш борасида тегишли тавсиялар бериб боради.

 

V. Лауреатларни аниқлаш мезонлари

Фестивал лауреатлари Эксперт комиссияси томонидан 10 баллик тизимда, қуйидаги мезонлар орқали аниқланади:

-               ижро маҳорати ва услуби;

-               овоз имкониятлари;

-               асар матнининг мукаммаллиги ва таъсирчанлиги;

-               саҳна ҳаракати (артистизм);

-               саҳна либоси (имиж).

 

VI. Фестивални молиялаштириш
ва лауреатларни тақдирлаш

“Ўзбекконцерт” давлат муассасси ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб, фестивални ўтказиш учун пул маблағлари ажратади.

Фестивал лауреатлари учун Ташкилий қўмита номидан дипломлар тайёрлайди; репетиция ва концертлар ўтказиладиган зални ижарага олади.

Фестивал лауреатига айланган барча ёш ижрочилар Ташкилий қўмитанинг махсус дипломи билан тақдирланади. Шунингдек, мухлисларнинг олқишларига қараб муайян хонандага ҳомийларнинг эсдалик совғалари ҳам топширилади. 

 “Ўзбекконцерт” давлат муссасаси фестивал ғолибларини давлат тадбирларига жалб қилади ҳамда мамлакатимиз ва хорижда ўтказиладиган гастрол-концерт сафарларига тавсия этади. Эксперт комиссияси фестивал совриндорларига баҳо беришда томошабинлар ва санъат мухлисларининг овози, яъни уларнинг хулосаларини ҳам эътиборга олади.

     Фестивал ғолибларини аниқлаш мазкур Низомда белгилаб қўйилган мезонлар орқали Эксперт комиссияси томонидан амалга оширилади.

2017 йил фестивал ғолиблари йилнинг декабрь ойида ўтказиладиган якуний тадбирда аниқланади ва гала концерт ўтказилиб уларга ташкилий қўмита ҳамда ҳомийларнинг Диплом ва қиммат баҳо совғалари топширилади. 

Шунингдек, қуйидаги миқдорда пул маблағлари билан мукофотланади:

 

1-ўрин – 5 млн. сўм пул мукофоти, 1-даражали диплом (5-та мукофот)

2-ўрин – 3 млн. сўм пул мукофоти, 2-даражали диплом (5-та мукофот)

3-ўрин – 2 млн. сўм пул мукофоти, 3-даражали диплом (5-та мукофот)



Manba: Матбуот хизмати
Ko'rishlar: 355
icon-instagram.png icon-facebook.png
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech