Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
9 Fevral 2015

Нафъинг агар халққа бешакдурур,

Билки, бу нафъ ўзингга кўпракдурур.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг барчани эл-юртга нафъ етказишга ундовчи ушбу байти “Туркистон” саройида бўлиб ўтган “Назм ва наво” кечасининг таклифномасида алоҳида қайд этилган. Зеро Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир кўпларга нафъ етказди – жонли ижрода айтилган ашулалар юзлаб кўнгилларга маънавий қувват улашди. Бежиз сўз мулки султони “Кўнгил қуввати ­– хушнавоздин, руҳ қути – хушовоздин”, дея лутф этмаганлар.

Алишер Навоий таваллудининг 574 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Назм ва наво” кечасида Ўзбекистон халқ ҳофизлари Ўлмас Саиджонов, Абдунаби Иброҳимов, Бекназар Дўстмуродов, Ўзбекистон халқ артистлари Муножат Йўлчиева, Матлуба Дадабоева, Замира Суюнова, Зулайхо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Зариф Азизов, Элмурод Аҳмедов ва Фурқат Ашуралиевлар мумтоз меросимиз намуналарини жонли ижро этиб, тингловчилар олқишларига сазовор бўлдилар. Шунингдек “Мақом” ансамблининг ёқимли хонишлари, хушовоз хонандалар Дилором Абдуазимова, Озодбек Тилланазаров ижролари ҳам каттаю кичикка бирдек манзур бўлди. Концерт давомидаги олқишлар чинакам санъат мухлислари жонли ижрога, мумтоз мусиқий меросимизга қанчалар чанқоқ эканлигини яна бир бор кўрсатди.

IMG_0604.JPG

Маълумот учун айтмоқчимизки, юқорида номлари қайд қилинган севимли санъаткорларимиз худди шу дастур асосида юртимизнинг барча вилоятларидаги “Назм ва наво” кечаларида иштирок этадилар.

IMG_0608.JPG

Бундан ташқари 14 феврал – атоқли шоир, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 532 йиллиги муносабати билан Ўзбек миллий академик драма театрида ҳам жонли ижро асосида “Назм ва наво” кечаси ўтказилиши кўзда тутилган.

Manba: Матбуот хизмати
Ko'rishlar: 10
icon-instagram.png icon-facebook.png
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech