Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
26 May 2017
Жиззах шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2017” республика спорт мусобақалари бошланди.

Илк бор Жиззахда, сўнгра Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Тошкент, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида ўтказилган “Баркамол авлод” ёшлар спорт ўйинлари руҳи ва нафаси бугун яна Жиззах заминида ҳукмрон.

“Баркамол авлод” нафақат спорт байрами, балки ёшлар ўртасида дўстлик ришталарини тараннум этувчи, уларни ягона мақсад сари руҳлантирувчи беқиёс кучга айланиб бормоқда.

Мамлакатимизда йўлга қўйилган уч босқичли тизим – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари улғайиб келаётган навқирон авлод онгига соғлом турмуш тарзини болаликдан бошлаб чуқур сингдиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

...Майдонга мусиқа садолари остида ранг-баранг либослардаги спортчилар, таниқли эстрада хонандалари кириб келади. Улар ижро этган саҳна кўринишлари, қўшиқ ва рақсларда Ўзбекистон ёшларига хос интилиш, ғайрат-шижоат, жўшқинлик ва нафосат намоён бўлади. Мамлакатимизнинг истеъдодли ёш авлоди вакиллари ёрқин театрлаштирилган томоша намойиш этади.

“Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақалари ўйинларининг тантанали очилиш маросими катта концерт дастури билан якунланди.

“Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақаларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов иштирок этди.
Manba: UzA
Ko'rishlar: 97
icon-instagram.png icon-facebook.png
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech